Sayt yangilanmoqda

Пресс-релиз “Ўзбекэкспертиза” АЖ ва Инновацион “Яшнобод” технопарки ўртасида барқарор ҳамкорлик пойдевори қўйилмоқда

08.05.2025

98

Пресс-релиз   “Ўзбекэкспертиза” АЖ ва Инновацион “Яшнобод” технопарки ўртасида барқарор ҳамкорлик пойдевори қўйилмоқда

Бугун миллий инновацион инфратузилмани ривожлантириш доирасида “Ўзбекэкспертиза” акциядорлик жамияти ва “Яшнобод” технопарки раҳбарияти ўртасида амалий учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июндаги ПФ–5068-сонли Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги 468-сон қарори ижроси доирасидаги масалалар муҳокама этилди.

Шу билан бирга, учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 мартда қабул қилинган ПҚ–126-сон қарори билан белгиланган вазифалар доирасида “Ўзбекэкспертиза” АЖ ҳузуридаги Лойиҳа офислари фаолиятини технопарклар билан самарали интеграция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар юқори технологиялар соҳасидаги тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, технологик ишланмаларни саноатлаштириш ва тижоратлаштириш жараёнларига кўмаклашиш, шунингдек, технопарк резидентларини Лойиҳа офислари фаолиятига фаол жалб этиш юзасидан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги борасида бир фикрга келишди.

Учрашув якунларига кўра, ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолаш бўйича келишувга эришилди. Ушбу ҳужжат инновацион лойиҳаларни эксперт-тахлилий ва услубий жиҳатдан таъминлашда ўзаро манфаатли ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Fotogalereya

Ortga qaytish